Андижонда 38,3 млрд сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-торож қилинди

Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилоятида 38,3 млрд сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-торож қилинганлиги фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ё.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 5 та МЧЖга бошқа МЧЖлар томонидан 2,2 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида соҳта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштиради.

Улар гўёки савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотганлиги ҳақида харид чекларини чиқариб, 94 921 нафар фуқаро ва ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга «Soliq Mobile» иловаси орқали кешбэк сифатида тўлаб бериб, 38,3 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Ўзбекистон