Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 43 даражагача кўтарилиши кутилмоқда
Шу ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида иссиқ об-ҳаво кузатилади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Хабарга кўра, 14 май куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, 15–16 май кунлари эса мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 39–41 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларда эса 42–43 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, 14–15 май кунлари шимолий ва чўл ҳудудларда, 16–17 май кунлари эса республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15–18 м/с гача кучайиши, айрим ҳолларда чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин.
17 май куни баъзи ҳудудларда шамол тезлиги 20–22 м/с гача етиши эҳтимоли бор.
Мутасадди ташкилотлар фуқароларни эҳтиёткорликка, айниқса болалар, ёши катта ва сурункали касаллиги бор инсонларни жазирама иссиқликдан ҳимоялашга чақирмоқда.