Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси реставрация қилинади
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий эксперт кенгашининг 9 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси таркибига кирувчи бир қатор тарихий обидаларни реставрация қилиш лойиҳалари маъқулланди, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Зарқайнар кўчасида жойлашган Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Намозгоҳ ва Тиллашайх масжидларини таъмирлаш лойиҳалари кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланди.
Лойиҳаларда ёдгорликларга зиён етказилмаслиги кафолатланиши ва девор таги тўшамаси махсус оби ғишт — 250×250×50 ўлчамдаги хумдонда пиширилган мусулмон ғиштидан фойдаланиш шарти билан тасдиқланди.
Мазкур ишлар бўйича ижро ва назорат Маданий мерос агентлигининг Тошкент шаҳри бошқармаси ва Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига юклатилди.
Бундан ташқари, кенгаш Навоий вилоятидаги Қизилтепа тарихий музейини таъмирлаш ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган Манак ота зиёратгоҳида мақбара ҳамда ёрдамчи бинолар қуриш лойиҳаларини маъқуллади