Олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакилига айланди

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.

Диёранинг Олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади, — дэб ёзади Шаҳноза Мирзиёева ўзининг  Instagram саҳифасида.

Шунингдек, Шаҳноза Мирзиёева, Диёрани замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги – меҳрибон қизи, содиқ рафиқаси, ҳурматга муносиб келини, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этган Олимпиада чемпиони тимсоли эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Диёранинг фаолияти нафақат мамлакатимизда гендер тенглигига эришишни тезлаштиради, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди ҳамда бутун дунё аёлларини руҳлантиради.

Самарқанд