Покистон вазири Ҳиндистоннинг ҳарбий ҳужум режаси борлиги ҳақида огоҳлантирди

Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Покистон ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллаҳ Тарар ишончли разведка маълумотларига таяниб хабар берди.

Тарар Ҳиндистонни Кашмирдаги теракт баҳонасида ҳужум уюштиришга уринаётганликда айблади. Покистон томони бу терактга алоқадорликни қатъиян рад этиб, холис экспертлар иштирокида тергов ўтказишни таклиф қилган, бироқ Ҳиндистон бу таклифни рад этган.

Покистон вазири Ҳиндистоннинг бундай ҳаракати бутун минтақада ва ундан ташқарида фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, халқаро ҳамжамиятни вазиятга жиддий эътибор қаратишга чақирди.

Шунингдек, вазир Покистон Ҳиндистоннинг эҳтимолий ҳарбий авантюрасига қатъий жавоб қайтаришини билдирган.

22 апрель куни Кашмирда террорчилик ҳужуми содир бўлиб, натижада 30 га яқин одам ҳалок бўлган эди. Ҳиндистон бу ҳужумда Покистонни айблаган, Покистон эса бундай айбловларни асоссиз деб атаган.

Воқеалардан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши қатор кескин чораларни кўрган. Хусусан, Аттари назорат- ўтказиш пунктини ёпган, сув ресурслари бўйича битимни тўхтатган ва Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилган эди.

Жаҳон