Бош консуллик Ўзбекистон фуқаросининг ўлими юзасидан Россия ҳукуматига ноталар юборди
Россиянинг Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг вафоти юзасидан тегишли ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралди.

Элатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда ўтган йилнинг 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида кафеда ўтказилган рейд чоғида Ўзбекистон фуқаролари калтакланиб, икки нафари комага тушиб қолгани ва улардан бири вафот этгани ҳақида маълумот тарқалган эди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Бош консулхонаси Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги ваколатхонасига ноталар юборди.
Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Фуқаронинг жасадини Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Тегишли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмагани билдирилди.





