Наманган шаҳар ҳокими $60 минг пора билан ушланди

Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отаходжаев катта миқдорда пора билан қўлга тушиб, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Тезкор тадбир натижасида дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шундан сўнг шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида қолга тушди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Шаҳар ҳокимига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон