АҚШга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди
Вилоятларда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юборишни ваъда қилиб катта миқдорда пул олган шахслар ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Тошкент вилоятида икки кишини АҚШга юборишга ишонтириб, улардан 38 минг доллар пул талаб қилган шахс қўлга олинди.
Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай жиноят билан бир неча шахс ушланди. Уларга нисбатан жиноий ишлар очилгани маълим қилинди.
• Тошкент вилоятида 1995 йилда туғилган шахс икки фуқарони АҚШга юборишини айтиб, улардан 38 минг доллар талаб қилган ва олдиндан 52 миллион сўм олганида қўлга олинди.
• Навоийда 1990 йилда туғилган шахс «Туркия–Европа–Мексика» йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, 28 минг доллар сўраган. У 14 минг доллар олаётганида ушланди.
• Жиззахда илгари фирибгарлик учун бир неча марта судланган шахс 35 минг доллар эвазига АҚШга юборишни ваъда қилган. У 10 минг доллар олаётганида ушланган.
• Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида эса 2000 йилда туғилган шахс «Туркия–Испания–Мексика» йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, 5 минг доллар ҳамда 26 миллион сўм олганида қўлга олинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.