Ўзбекистонда ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, меҳнат муносабатларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ишга киришда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма бериш бекор қилинмоқда.

Шунингдек, электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация (Face-ID) орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга доир нормалар ҳам ўз аксини топган. Жумладан, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Ўзбекистон