Хитойда пиротехника заводи портлади: 26 киши ҳалок бўлди
Хитойнинг Хунан провинциясида жойлашган пиротехника заводида содир бўлган портлаш оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, яна 61 киши жароҳат олди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.

Воқеа 4 май куни маҳаллий вақт билан соат 16:43 да юз берган.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин бутун мамлакат бўйлаб ишлаб чиқариш объектларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, Люян шаҳрида содир бўлган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга барча зарур ёрдамни кўрсатиш ҳамда воқеа сабабларини тезкор аниқлаш ва айбдорларни қатъий жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берди.
Завод ҳудудида жойлашган порох сақланадиган икки омбор ҳали ҳам юқори даражадаги хавф туғдирмоқда. Қутқарув ишлари штаби асосий операция учун 1 километрлик зона ва назорат учун 3 километрлик зона белгилаган. Аҳоли хавфсиз ҳудудларга ўз вақтида эвакуация қилинган, — дейилади хабарда.
Воқеа жойида бешта қутқарув гуруҳи ишламоқда, жами 482 нафар ходим жалб этилган.
Жароҳат олганлар шифохонага етказилган. Жамоат хавфсизлиги органлари заводга тегишли корхона раҳбарларини ушлаш чораларини кўрган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





