Тошкент вилоятида ҳужжатсиз дори воситалари савдосига чек қўйилди
Нуробод ва Чирчиқ шаҳарларида ҳужжатсиз дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Хабарга кўра, тезкор тадбирда фуқаро Н.А. фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган 72 минг дона «система инфузион» тиббий буюмларини $17,9 минг ва 30 млн сўмга сотган вақтда ушланган.
Текширув давомида унинг автомашинаси ҳамда Тошкент шаҳридаги яшаш манзилидан умумий қиймати 240 млн сўмлик 867 қути дори воситалари ва 29 турдаги 72 389 дона тиббий буюмлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида ҳам ўтказилган тадбирда фуқаро Қ.Б. фуқарога сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатларсиз жами 11,5 минг дона «Менавазин» ва «Метралин» дори воситалари ҳамда «система инфузион» тиббий буюмларини 130 млн сўмга сотган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.