Фарғонада ноқонуний диний сабоқ берган шахслар аниқланди

Фарғона вилоятида ҳужра шароитида, рухсатномасиз диний таълим бериш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, Ёзёвон туманида яшовчи шахс ўз уйида профессионал маълумотга эга бўлмаган ҳолда 6 нафар вояга етмаган болага июнь ойидан бери диний сабоқ бериб келгани аниқланган. Болалар дарс давомида ушбу хонадонда яшаган.

Қўштепа туманининг Мумтоз маҳалласида эса фуқаро 30 июнь куни уйида ҳужра ташкил қилиб, Марғилон шаҳридаги турли маҳаллаларда яшовчи вояга етмаган 4 нафар қиз болага диний таълим берган.

Бундан ташқари, Данғара туманида Тангриқул маҳалласида яшовчи шахс июнь ойидан бошлаб 4 нафар вояга етмаган болага дарс бергани маълум бўлган.

Шунингдек, Фарғона туманининг Водил маҳалласида жойлашган ўқув марказида ҳам рухсатсиз диний сабоқ бериш ҳолати аниқланган. 1997 йилда туғилган шахс бу ерда 28 нафар болага 2023 йил май ойидан бери дарс ўтиб келган.

Барча ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўриш учун суд органларига юборилди.

Ўзбекистон