Жиззахда ҳамширани ҳақоратлаб, шифохонада жанжал кўтарган шахслар 15 суткага қамалди — видео
Жиззахда укаси ҳақида маълумот бермаган ҳамширани ҳақоратлаб, шиша тўсиқни синдирган фуароларга ҳукум оқилди.
Ҳабар қилинишича, тахминан соат 23:40 ларда ўзини пичоқлаган эркак касалхонага етказилган. Шундан сўнг, унинг учта укаси жабрланувчини кўришга уриниб, касалхонанинг кутиш хонасига боришган.
Аммо ҳамшира жарроҳлик амалиёти ўтказилаётгани боис укасини ҳозир кўра олмаслигини айтган. Бунга жавобан эркаклар жанжал келтириб чиқарган, ҳамширани ҳақоратлаган ва кутиш залидаги ойнали тўсиқни, компьютер экрани ва эшигини синдирган.
Шунингдек, воқеа вақтида жанжални тинчлантиришга уринган фуқаро тан жароҳати олган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келгач, ака-укалар уларга ҳам қаршилик кўрсатишга уринган.
Ҳодиса вақтида мен маст ҳолатда эдим. Шундан сўнг мен касалхонага етказилган барча зарарни қопладим, шунингдек, ҳамширадан узр сўрадим, — деди ҳуқуқбузарлардан бири.
Натижада ака-укаларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди. Суд уларнинг икки нафарини 15 суткага маъмурий қамоққа олиш, учинчисига эса 12 БРВ миқдорида жарима солишга ҳукм қилди.