Ўзбекистонда кейинги йилдан хусусий клиникаларга инсон аъзоларини трансплантация қилишга рухсат берилади

Ўзбекистонда 2027-йил 1-майдан бошлаб миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига трансплантация ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, орган трансплантациясининг белгиланган тартибига риоя қилиш лицензиялашнинг мажбурий талаби бўлади:

• нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этилиши тиббий фаолият учун лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;

• нодавлат тиббиёт ташкилотларининг инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш билан боғлиқ фаолияти «Хавфни таҳлил қилиш» тизими орқали хавфи юқори кўрсаткичга эга фаолият ҳисобланади;

• нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан трансплантация амалиёти амалга оширилган беморлар ва донорлар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мунтазам тақдим этиб борилади.

Хусусан, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан трансплантация амалиётини ўтказувчи тиббиёт ташкилотининг лабораторияси ёки аутсорсинг асосида республикадаги бошқа лабораторияларда молекуляр-генетик текширувларни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланади ҳамда трансплантация амалиётини ўтказиш учун зарур бўлган мажбурий таҳлиллар рўйхати тасдиқланади.

Шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш инобатга олинади.

Трансплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан сўнг беморларни реабилитация қилиш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотининг реабилитация муддати давомида жавобгарлиги, шунингдек, беморларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация тўлаб бериш масалалари белгиланади.

Ўзбекистон