Экология вазирлиги Тошкент ҳавосининг кескин ифлосланиши сабабларини очиқлади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кескин ёмонлашгани юзасидан расмий изоҳ берди.
22-сентябрь куни Тошкент дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар қаторига кириб, ифлосланиш даражаси 600 AQIга етди ва шаҳарни қалин туман қоплади. Муайян вақтларда Тошкент глобал ифлосланишга қарши рейтингда биринчи ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, 21-сентябрь куни марказда атмосфера босими 1010 гПа гача пасаювчи паст босимли кичик градиентли атмосфера соҳаси республиканинг Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кундуз куни ҳаво ҳароратининг +34, +35 даражагача қизиб кетган. Ҳатто бу пайтда Тошкент вилояти жанубий станцияларида ҳаво ҳарорати максимум қийматлари +35 даражадан юқорилади.
Вазирликка кўра, ушбу исиш ҳодисаси 21-сентябрь тунда Каспий денгизи орқали марказида атмосфера босими 1028 гПа гача юқори кўтарилувчи совуқ антициклонал жараённинг минтақага давомли фронт олди ғарбий шамоллари билан кириб келишига сабаб бўлган.
21-сентябрь куни ва 22-сентябрь тонгида Навоий вилояти шарқи, Айдаркўл кўллар тизими атрофига эсган кучли ва давомли ғарбий шамоллар ўз йўналишини Чордара сув омбори ҳудудларидан бошлаб бироз шимол томонга ўзгартирди. 22-сентябрь куннинг иккинчи ярмидан Қизилқум шарқи ва Айдаркўл ҳудудлари ҳамда Қозоғистон жанубий вилоятларида кўтарилган чанг ҳаво массалари тўғри Тошкент шаҳрига кириб келган.
22-сентябрь куни соат 15:00 дан бошлаб пойтахтнинг жануби-ғарбий туманларида PM2.5 ва PM10. майда чанг зарралари концентрацияси кўтарила бошлади. Учтепа тумани ҳокимлиги яқинидаги «Ҳориба» автоматлаштирилган станциясида PM2,5 учун 142 мкг/м³ кўрсаткич қайд этилди, бу эса республика меъёридан (35 мкг/м³) 4 баравар юқори.
Вазирлик 23–24-сентябрь тонгги муддатлар ва кечки муддатларда инверсия ҳодисаси сабаб ҳавода майда дисперс заррачалари миқдори яна ортиши эҳтимоли бор эканлигини билдирди. 24-сентябрь тунги муддатларда антициклоннинг минтақадан бутунлай чекиниши ва ўрнига бошқа бир паст босимли атмосфера жараёнлари алмашиниш фонида Тошкент шаҳри ҳавосида майда дисперс заррачалардан тез тозаланиш рўй бериши мумкин.