Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Ўзбекистонга хориждан катта миқдордаги наркотик моддаларни контрабанда йўли билан олиб келганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси Тожикистон Республикасидан Бешариқ туманида жойлашган «Ровот» чегара божхона постига кириб келган вақтида тўхтатилган.

Автомашина синчковлик билан кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига ўрнатилган газ баллони ичига 53 дона ўрамда гиёҳвандлик воситалари яширилганлиги маълум бўлди, — дейилади хабарда.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 50 кг 852 гр «опий» ва 6 кг 927 гр «гашиш» моддалари борлиги аниқланди. Терговга қадар текширув давомида автотранспорт эгаси ушбу моддаларни Душанбе шаҳридан олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон