Тошкентда икки автомобилда ёнғин содир бўлди
Яшнобод тумани, Содиқ Азимов кўчасида «Damas» ва «Cobalt» русумли автомобиллар билан ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
ФВБ маълумотига кўра, 6 май куни соат 12:22 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ёнғин ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бригадалари соат 12:28 да етиб борган. Ёнғин соат 12:32 да тўлиқ ўчирилган.
Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.