Ўзбекистонда айрим импорт товарларига нисбатан икки карра бож бекор қилинади

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш доирасида айрим давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотларга нисбатан амал қилаётган икки карра бож тўловини бекор қилади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Сенатининг 8-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди.

Унга кўра, энг кўп қулайлик бериш режимига эга бўлмаган давлатлардан олиб кирилаётган товарлар учун келиб чиқиш сертификати бўлмаган тақдирда икки карра бож солиш тартиби бекор қилинмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон импортининг 95% Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлардан, қолган 5% и эса аъзо бўлмаган давлатлардан амалга оширилмоқда. Умуман, импортнинг 32,3 % и эркин савдо режими, 61,4% и эса энг кўп қулайлик режими амал қилаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Бундан ташқари, божхона органлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган божхона тўловларини тўлаш муддати амалдаги 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилмоқда.

Сенатнинг қайд этишича, ушбу қонун ўзгаришлари миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириб, ташқи савдони адолатли қоидаларга асосланган ҳолда ривожлантиришга ва импорт-экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қарорлар