Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ лифт янгиланади

Республика бўйлаб 5491 та кўп квартирали уйдаги 13 798 та лифт ускунаси тўлиқ хатловдан ўтказилди. БУ ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Улардан 2001 тасининг фойдаланиш муддати ўтган бўлиб, янгиланиши зарур, яна 382 таси таъмирталаб экани аниқланган.

Ушбу лифтларни янгилаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 854,6 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, «Хавфсиз лифт» ягона идоралараро платформаси доирасида лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестри юритилади. Реестрда уларнинг ўрнатиш ва таъмирлаш фаолиятига доир рухсатномалари, амал қилиш муддати ва мутахассислар ҳақидаги маълумотлар қайд этилади.

Вазирлик лифтлар техник ҳолатини яхшилаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлар давом эттирилишини маълум қилди.

 

Ўзбекистон