Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақида Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар аввалида Шавкат Мирзиёев Хитой етакчиси ҳамда дўст Хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Давлат раҳбарлари ўтган йиллар давомида икки томонлама муносабатлар ривожида катта ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Жумладан, «Ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда «уч ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани таъкидланди. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш вазифаси турибди.
Шу қатори, инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимизда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиань нефть университети филиалини очиш тўғрисида Битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон – Хитой «Лу Бань устахоналари»ни ташкил этиш режалаштирилган.
Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги йирик кўргазмада Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. 2027 йилда Шанхай ва Пекин шаҳарларида санъат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф доирасида ўзаро маданий марказлар очиш тўғрисида тарихий битим имзоланиши кўзда тутилган.
Учрашувда халқаро кун тартиби бўйича ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, «Марказий Осиё – Хитой» формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.