Тошкент ва Навоий вилоятларида коррупциявий ҳолатларга чек қўйилди

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Тошкент ва Навоий вилоятларида коррупциявий ҳолатлар аниқланди, деб Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти туманларидан биридаги бўлими инспектори фуқарога давлат захирасида бўлган 20 гектар ер майдонидан табиий чимни кўчириб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ва уни ташиш учун декларация ҳужжатини тайёрлаб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра, у ушбу пул маблағидан 200 АҚШ долларини ўз улуши сифатида олиб қолиб, қолган қисмини туман бўлими бошлиғига бериш кераклиги маълум бўлди.

Натижада, тезкор тадбирда туман бўлими бошлиғи 2 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Бошқа бир холатда эса, Навоий вилоятидаги «Навоий сув таъминоти» АЖнинг туманлардан биридаги бўлими машинисти маҳаллий фуқарони мансабдор танишлари орқали ушбу тизимга операторлик вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланади.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан мазкур пул маблағини олган вақтида муқаддам судланган бош муҳандис ушланади.

Бундан ташқари, ушбу ноқонуний ишга туман бўлими бошлиғи ҳам алоқадорлиги аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон