Тошкентда пиёдалар ўтиш жойларининг янги хавфсизлик тизими синовдан ўтказила бошланди

Кўчалардан бирида янги турдаги актив белгилар ва юқори интенсивлиликдаги милтиловчи чироқлар технологияси жорий этилди

Мирзо Улуғбек туманидаги Осиё кўчасида янги турдаги фаол йўл белгилари билан уйғунлаштирилган RRFB технологияси — юқори интенсивликдаги огоҳлантирувчи маёқлар тизими синов тариқасида жорий этилди, деб шаҳар йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар беради.

Мазкур тизим ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойини қайси йўлакдан ёки қайси йўналишдан ҳаракатланишидан қатъи назар, узоқдан аниқ кўра олиши учун ишлаб чиқилган. Ушбу ечим асосан ҳаракат оқими паст ва ўртача бўлган кўчаларга мўлжалланган.

Хусусан, огоҳлантирувчи сигнал чироқлари йўл четларида, кўчанинг марказий қисмида ҳамда қатнов қисми устидаги баланд конструкцияда жойлаштирилган. Яъни улар магистрал светофорлар ўрнатиладиган услубга яқин тарзда ўрнатилган.

Йўлнинг икки томонида чақирув тугмалари мавжуд таянч устунлар ўрнатилган. Пиёда тугмани босиши билан ушбу устунларнинг юқори қисмидаги ёрқин сариқ сигнал чироқлари дарҳол ишга тушади.

Бундан ташқари, «пиёдалар ўтиш жойи» белгиси ҳам ёруғлик берувчи махсус қути кўринишида тайёрланган. Бу, айниқса, тунги вақтда ўтиш жойининг узоқ масофадан яхши кўринишини таъминлайди.

Бу Ўзбекистондаги йўл инфратузилмасида RRFB ёндашувини пилот тартибда жорий этиш бўйича илк лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Тошкентда ушбу технология синов тариқасида қўлланилиб, унинг пиёдалар хавфсизлигини оширишдаги амалий самарадорлигини баҳолаш имконини беради.

 

Ўзбекистон