Мактаб битирувчиларига касб-ҳунар бўйича электрон сертификат берилади

Мактаб битирувчиларига касб-ҳунар бўйича имтиҳондан сўнг электрон сертификат берилади. Бу ҳақда тасдиқланган низомда белгиланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳамда Камабағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг қўшма буйруғи билан тасдиқланган низомига кўра, 14 июлдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига касб-ҳунар йўналишида амалий имтиҳон топширган тақдирда электрон сертификат берилиши тартиби жорий этилди.

Имтиҳонлар 10–11-синф ўқувчиларининг касб-ҳунар таълими дастури асосида ўтказилади. Имтиҳон санаси ва вақти мактаб педагогик кенгаши томонидан белгиланади ва ҳудудий ўқув марказига хабар қилинади. У мактабда камида 15 кун олдин эълон қилиниши лозим.

Амалий имтиҳон учун камида 5 кишидан иборат комиссия тузилади. Ҳар бир касб тури бўйича саволлар ва баҳолаш мезонлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Имтиҳон учун 120 дақиқа вақт ажратилади.

Баҳолаш 100 баллик тизим асосида амалга оширилади:

• 86–100 балл — «аъло»;

• 72–85 балл — «яхши»;

• 56–71 балл — «қониқарли»;

• 0–55 балл — «қониқарсиз».

56 ва ундан юқори балл тўплаган ўқувчи имтиҳонни топширган ҳисобланади.

Сертификатлар ҳар йили 30 июнгача, қайта топширганлар учун эса 10 июлгача электрон платформа орқали бепул тақдим этилади.

Низом «Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси»да эълон қилиниб, 2025 йил 14 июлдан кучга кирди.

Қарорлар