Инсон органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ ушланди

Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган 12 нафар шахс фош этилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топиб ва соғлом фуқароларни мўмай пул звазига ўз органини сотишга қизиқтирган шахслар аниқланди.

Хусусан, ушбу фуқаролар чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатлардан биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга ошириб келган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган, — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.

Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида жиноий гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг 133-1 (инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилиш шартларини ва (ёки) тартибини бузиш), 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 246 (контрабанда) ва 273 (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) -моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун суд органларига юборилди.

Ўзбекистон