Россияда ҳарбий рўйхатда туришдан бош тортганлар фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин
Россия ҳукумати ҳарбий рўйхатга олинишдан бўйин товлаганлар учун фуқароликни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Россия Федерацияси ҳукумати қонун лойиҳасини юқорида қайд этилган мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш шарти билан қўллаб-қувватлайди, — дейилади Вазирлар Маҳкамасининг тақдим этилган расмий жавобида.
Қонун лойиҳаси «Ягона Россия»дан сайланган депутатлар томонидан тайёрланган. Унда «Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ва «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.
Муаллифлар лойиҳада ҳарбий рўйхатга олинишдан бўйин товлаганларнинг, яқинда берилган фуқаролигини бекор қилишни таклиф қилмоқда. Қоидаларга кўра, фуқаролик тақдим этилгандан сўнг, икки ҳафта ичида ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига хабар берилиши керак.
Қонун лойиҳасига кўра, агар шахс буни бажармаса, «ҳарбий рўйхатга олиш мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш фактини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилинади».