Вояга етмаган шахс ўзини 9-қаватдан ташламоқчи бўлди
Тошкент шаҳар Яккасарой туманида профилактика инспектори 9-қаватдан ўзини ташламоқчи бўлган 15 ёшли қизни қутқарди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, вояга етмаган қиз кўп қаватли уйнинг том қисмидаги устунга чиқиб, ўзини пастга ташламоқчи бўлган. Ҳолат гувоҳларидан бири дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори қўшни хонадонлар балконлари орқали 9-қаватга чиқиб, қизнинг ёнига яқинлашган. У қизни 25–30 дақиқа давомида суҳбат орқали тинчлантиришга ҳаракат қилган.
Инспекторнинг айтишича, қиз кучли стресс ҳолатида бўлган ва қаршилик кўрсатган. Шунга қарамай, у 10–15 дақиқа давомида уни куч билан ушлаб турган. Қутқарув чоғида инспектор ёрдам сўраб арқон сўраган, аммо уни топа олишмагани сабабли бошқа ходим белидаги камарни ечиб берган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли хизматлар томонидан текширув олиб борилмоқда.