Бухорода аёлни сувдан қутқарган инспекторга муддатидан олдин майор унвони берилди
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги профилактика инспекторига муддатидан олдин майор унвони берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 январь куни хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспектори ўзини дарёга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлган тўрт нафар фарзанднинг онасини қутқариб қолгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, фидоийлик кўрсатган Вобкент тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси инспектори, капитан Расулов Амрилло Темир ўғли муносиб тақдирланди, — дейилади хабарда.
Хусусан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун капитан Амрилло Расуловга муддатидан олдин майор махсус унвони берилди.





