Мьянмада инсон савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

Мьянмада инсон савдосининг қурбонига айланган Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон фуқаролари ватанга қайтирилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Хусусан, Бангкокдаги Ўзбекистон Бош консулхонасига ариза берган фуқароларнинг сўзларига кўра, улар интернет орқали таклиф қилинган юқори маошли иш боис Таиландга келган. Уларга ҳатто Ўзбекистондан бепул авиачипта ҳам берилган.

Бироқ Таиландга етиб келганларидан сўнг уларни алдов йўли билан ноқонуний равишда Мьянма ҳудудига олиб ўтилган. У ерда улар инсон савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларнинг қўлига тушган. Улар Мьянмада фирибгарликка асосланган колл-марказларда ишлашга мажбурланган. Ноқонуний ишлардан бош тортган фуқаролар жисмоний зўравонлик ва таҳдидларга дучор бўлган.

Шунингдек, Мьянмада худди шундай вазиятга Қозоғистоннинг бир фуқароси ва Қирғизистон фуқароси ҳам тушгани, улар ҳам инсон савдосининг қурбонига айлангани аниқланган.

Қирғизистоннинг Таиландда дипломатик ваколатхонаси мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, қирғиз томонининг илтимосига биноан Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ватанга қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатган.

Мьянма ва Таиланднинг ваколатли органлари билан мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари озод қилинди ва Таиланднинг Маесот чегара пунктида Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилди.

Озод қилинган шахсларга вақтинча турар-жой ва овқатланиш ташкил қилинди. 2025 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари муваффақиятли равишда ватанларига қайтарилган.

Ўзбекистон