Ўзбекистонда ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар нафақа тўланади

Келгуси йилдан бошлаб «Ижтимоий реестр»даги оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғчалар, ўқув марказлари, йўл ҳақи ҳамда олийгоҳ ётоқхонасида яшаш харажатлари ваучерлар орқали молиялаштирилади

Ўзбекистонда «Ижтимоий реестр»га киритилган ишлаётган оналарга боласи бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Бу ҳақда видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Қайд этилишича, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 миллиард сўм ажратилган.

Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди. Бир ҳафтада ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади, – деди давлат раҳбари.

Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.

Ўзбекистон