Исроилда ўрмон ёнғинлари юз берди

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Қуддус яқинида юзага келган ва тез тарқалаётган ўрмон ёнғинлари сабабли мамлакатда “миллий фавқулодда ҳолат” эълон қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Хабарга кўра, чоршанба куни Қуддус ва Тел-Авив ўртасидаги автомобиль йўллари устида қалин тутун кўтарилган, полиция асосий йўлларни ёпган ва минглаб одам яшайдиган аҳоли пунктлари эвакуация қилинган.

Нетаняху ғарбий шамол оқими оловни осонгина Қуддус чеккаларига, ҳаттоки шаҳарнинг ўзига ҳам ёйиб юбориши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Маген David Adom» тез ёрдам хизмати маълумотига кўра, ҳозиргача 23 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан 13 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланганлар орасида икки ҳомиладор аёл ва икки чақалоқ ҳам бўлган.

Исроил армияси ҳам ёрдамга жалб қилинган. Кучли шамол ва юқори ҳарорат туфайли ёнғинлар атрофга тез тарқалмоқда.

Ёнғин хизмати бошлиғи бу ёнғинларни “охирги ўн йилликдаги энг каттаси” эканлигини айтган.

Ёнғинлар Қуддусдан 30 км узоқликдаги Латрун ва Бет-Шемеш орасидаги ўрмонли ҳудудларда кенг тарқалган. Кўплаб ҳайдовчилар автомобилларини ташлаб, қочишга мажбур бўлган.

Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир айрим ёнғинлар атайлаб қўйилган бўлиши мумкинлигини айтган. Полиция бир кишини далага ўт қўйишга уринган пайтда қўлга олгани ҳақида ҳам маълумот берган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Греция, Кипр, Хорватия, Италия ва Болгариядан ёрдам сўраган.

Жаҳон