Ўзбекистонда 1 июндан нималар ўзгариши маълум қилинди

2025 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда йўл ҳаракати, ипотека, визалар, ижтимоий ёрдам ва қурилиш бўйича бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Бу ҳақда Norma.uz сайтида маълум қилинди.

Камбағал оилалар реестридаги шахсларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади

Камбағаллар реестрига киритилган оилалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги оилалар билан бир хил ижтимоий хизматлар, ёрдам ва имтиёзлардан фойдаланади.

Давлат хизматлари учун давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда сариқ тоифадаги оилаларга 50%, қизил тоифадаги оилаларга эса 75% чегирма берилади. Агар камбағал оила қизил ёки сариқ тоифадан яшил тоифага ўтса, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари яна 12 ойга сақлаб қолинади.

Қизил тоифадаги оилаларда аъло баҳоларга ўқиётган талаба қизларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан махсус стипендия ажратилади.

Иш берувчи тадбиркорлар рағбатлантирилади

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган иш берувчиларга 50 млн сўмгача субсидия ажратилади. Ушбу маблағлар сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик қилувчи хизмат ҳақини тўлашга йўналтирилиши мумкин. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар ҳам ҳамроҳлик қилиши мумкин.

Яна учта давлат учун визасиз режим жорий этилмоқда

Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Уммон Султонлиги фуқаролари учун чегарани кесиб ўтган кундан эътиборан 30 кун муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилади.

Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этиш қоидалари ўзгартирилди

Йўл чизиқлари билан белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолатларни фото ва видео тасвирга олиш учун ҳар қандай махсус автоматлаштирилган дастурий-техник воситалардан фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, дам олиш кунлари ва шошилинч ҳолатлардан ташқари, соат 07:00 дан 21:00 гача йўлларни таъмирлаш ва чизиқлар чизиш тақиқланади.

Ҳарбий хизматчилар учун ипотека кредити

10 йилдан ортиқ хизмат қилган ва ипотека кредитларини тақсимлашнинг белгиланган тартиби доирасида уй-жой олаётган ҳарбий хизматчилар учун уй-жой сотиб олиш ёки қуриш чоғида дастлабки бадал миқдори ҳисобланган қийматнинг 35% игача оширилди. Илгари у барча тоифалар учун 25% ни ташкил этган.

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш

Хорижий олий таълим муассасаларида PhD ёки унга тенглаштирилган илмий даражани ҳимоя қилган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой сотиб олиш учун ҳудудидан келиб чиқиб, 10 йил муддатга БҲМнинг 2 150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда берилади.

Бундан ташқари, нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофоти миқдорлари 5 бараварга оширилди.

Қурилишга қўйиладиган талаблар кенгайтирилди Бино ва иншоотлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда энергия тежовчи ускуналар, муқобил иситиш тизимлари – гелио коллекторлар, иссиқлик насослари, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлайдиган қурилмалар, масалан, қуёш панеллари ўрнатилишини назарда тутиш мажбурий бўлади. Барча ускуналар бинонинг ўз эҳтиёжлари учун ишлатилиши керак.

МИЗ резидентлари учун янги қўллаб-қувватлаш чоралари

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари экспортга маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган импорт қилинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларни «товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими бўйича божхона тўловлари тўланмаган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Фақат божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно.

Қарорлар