Жаҳон банки Ўзбекистонга 3,5 млн доллар ажратади
Жаҳон банки Ўзбекистон учун банк кафолати кўринишида 3,5 миллион доллар миқдоридаги молиялаштиришни маъқуллади.
Ушбу кафолат «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» давлат компаниясининг 100 МВт қувватга эга янги қуёш электр станциясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Хоразм вилоятидаги мазкур обектни қуриш ва эксплуатация қилиш Франциянинг Voltalia компанияси томонидан амалга оширилади.
Қуёш электр станциясини ишга тушириш 2025 йилнинг ноябрига мўлжалланган. У 177 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 240 гигаватт-соатдан ортиқ қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаради.
Унинг фаолияти йилига 230 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларини қисқартириш ва 60 мингга яқин хонадонни тоза энергия билан таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.