Узбекистонда шаҳар жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини янада яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда жамоат транспортини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди. Урбанизация жараёнлари тезлашаётгани, пойтахт ва вилоят марказларига туташ ҳудудларда аҳоли ҳаракати кескин кўпайгани сабабли шаҳарларга киришда қатновлар 30% ошгани қайд этилди.

Шу муносабат билан шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш таклиф қилинди. Бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади, — дейилади хабарда.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Шифобахш сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Умуман, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида 79 та шундай йўналиш ташкил этиш режалаштирилган.

Пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларини ўзаро боғлаш мақсадида «электропоезд – автобус», «электропоезд – метро» каби қулай тарифларни жорий этиш таклиф қилинди.

вилоят марказларида жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш зарурлиги таъкидланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудларда яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж бор. Шу боис, замонавий автобуслар олиб келишни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш, кредит линияларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари жамоат транспортини ривожлантиришда аҳоли сони кўп шаҳарлар билан бирга туризм марказларини ҳам қамраб олиш зарурлигини таъкидлади.

Президент жамоат транспорти аҳоли кундалик ҳаёти сифати, шаҳарлардаги ҳаракат маданияти, экология ва иқтисодий фаоллик билан бевосита боғлиқ муҳим соҳа эканини таъкидлаб, мутасаддиларга транспорт хизматлари қулайлиги ва хавфсизлигини ошириш, йўналишларни агломерация тамойили асосида кенгайтириш, соҳада рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Ўзбекистон