Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда дунё миқёсида синтетик наркотикларнинг янги турлари ва «наркомания» хавфи ортиб бораётгани мазкур соҳадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишни тақозо этган.

Хусусан, нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Қонунга киритилмоқда.

Ёшларни ҳимоя қилиш мақсадида таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналарга туташ ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, ўрта оғир турдаги наркожиноятлар содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланмоқда.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон