Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форумида нутқ сўзлади  

Президент долзарб масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида нутқ сўзлади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари, аввало, барчани Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессиясида, глобал тараққиётнинг энг долзарб масалалари муҳокама қилинаётган нуфузли мулоқот майдонида кўриб турганидан беҳад мамнунлигини таъкидлади.

Шу билан бирга анжуман «Каспий дурдонаси» бўлмиш гўзал Бокуда юқори даражада ташкил этилгани ва  кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Ҳайдарович Алиевга чуқур миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон етакчиси кун тартибига қўйилган «Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар» мавзуси бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини билдирди.

Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади.
Айни пайтда урбанизация жараёни ўзи билан бирга қатор ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтириб бормоқда.

Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум. Уларнинг бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечирмоқда, 300 миллиондан ортиқ одам эса умуман бошпанага эга эмас. Иқлим ўзгаришлари, таҳликали халқаро вазият ва иқтисодий инқирозлар глобал миграциянинг янги тўлқинларини пайдо қилиб, давлатлар ва шаҳарлар ўртасида аҳолининг қайта тақсимланишига олиб келмоқда. Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда. Буларнинг барчаси ҳаммамиздан қатъий ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилмоқда, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди, жумладан:

биринчидан, барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилмоқда.
Шу сабабли ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда «мутаносиб урбанизация» тамойилини кенг жорий этишга чақирилди;

иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятларидан барча давлатлар тенг фойдалана олиши зарур. Ушбу соҳада технология, стандартлар ва тажрибаларни тизимли алмашишга қаратилган халқаро «Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси»ни тузишни таклиф қилинди;

учинчидан, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш жуда муҳим. Шу мақсадда келгуси йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди;

тўртинчидан, глобал иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда «яшил шаҳарлар»ни барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартларини қабул қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шаҳарларнинг табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг «Яшил шаҳар» халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қилинди;

бешинчидан, урбанизация даражасининг ўсиши шаҳарлардаги ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий тузилмалари ролини янада оширмоқда.
Шу муносабат билан Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини «Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни» деб номлашни таклиф этилди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги тадбир ўзаро манфаатли ва истиқболли масалалар юзасидан биргаликда ечимлар топишга, янги ташаббусларга йўл очиш ва соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонаман. Сўзимнинг якунида форум ишига улкан муваффақиятлар тилайман, — деб нутқини якунлади президент.

Ўзбекистон