Бўстонлиқда кадастр ходими $5 минг пора билан ушланди

Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармаси Бўстонлиқ туман филиали ходими пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ушбу ходим мазкур туманда жойлашган 8 сотих ер майдонидаги хонадоннинг кадастр ҳужжатларини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда кадастр ходими сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон