Канадада ўрмон ёнғинлари туфайли 17 минг киши эвакуация қилинади
Канаданинг Манитоба вилоятида ўрмон ёнғинлари сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Вилоят расмийлари шимолий ва шарқий ҳудудлардан 17 мингга яқин фуқарони зудлик билан хавфсиз жойга эвакуация қилиш зарурлигини билдирган Улар орасида Флин Флон шаҳри аҳолиси ҳам бор.
Манитоба бош вазири Ваб Кинё ёнғинлар аҳоли ҳаётига хавф солаётганини айтиб, бу ҳолат кўплаб манитобаликлар эслайдиган энг йирик эвакуация эканини таъкидлаган. Эвакуация қилинган фуқаролар Виннипег ва бошқа шаҳарлардаги стадионлар ва жамоат марказларига жойлаштирилмоқда. Федерал ҳарбий кучлар ҳам ёрдамга жалб этилган.
Қайд қилинишича, айни пайтда Алберта провинциясида ҳам бир нечта йирик ёнғинлар кузатилмоқда. Чипевян кўли яқинидаги 2,9 минг гектарлик ёнғин туфайли айрим ҳудудларда нефть ва газ ишлаб чиқариш тўхтатилган. Cenovus Energy компанияси Foster Creek иншоотидаги ишчиларнинг бир қисмини эвакуация қилганини маълум қилган.
Шунингдек, Сван Ҳилс шаҳарчаси яқинида 1,6 минг гектарлик ёнғин назоратдан чиқиб, шаҳарнинг 1,2 минг нафар аҳолиси эвакуация қилинди. Ҳудудда жойлашган Aspenleaf Energy компанияси эҳтиёт чораси сифатида фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Расмийларга кўра, шамол йўналишининг ўзгариши туфайли ёнғин янада кенгайиши мумкин.