Тошкент метроcида кассир лавозимлари қисқартирилади

Тошкент метрополитенида касса оператори лавозимлари тўлиқ тугатилади, деб хабар бермоқда метрополитен матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бунга сабаб сифатида Тошкент метросида йўловчилар учун йўл ҳақини тўлашнинг 10 дан ортиқ тури жорий этилгани, электрон тўлов усуллари ривожланаётгани ва бекатларда автоматлаштирилган чипта банкоматлари ўрнатилаётгани келтирилган.

Касса оператори лавозимидаги ходимларга бўлган талаб камайиб бормоқда. Шу муносабат билан ёпилган кассалардаги операторлик иш ўринлари босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Жумладан, биринчи босқич доирасида 204 та касса оператори лавозими қисқартирилди, — дейилади хабарда.

Юқорида таъкидланган автоматлаштирилган банкоматларни метрополитеннинг барча бекатларида йил якунига қадар ўрнатиш режалаштирилган. Натижада, Тошкент метрополитенида касса оператори ва катта оператор лавозимларига бўлган эҳтиёж қолмаслиги ҳамда ушбу лавозимлар тўлиқ тугатилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, Тошкент метрополитени маъмурияти хизмат лавозими қисқартирилаётган ҳар бир ходимга ўз истак ва имкониятларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўрганиш курсларида иштирок этиш таклиф қилинишини хабар қилинди.

Ходимлар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва шу каби бошқа йўналишлардаги курслардан бирини танлаш имкониятига эга бўладилар. Ўқув курсларининг тўловлари белгиланган тартибда метрополитен томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Ўзбекистон