Тошкент вилоятида Прокуратура органлари ходимлари катта миқдорда пора билан ушланди

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида прокуратура органи ходимлари 25 минг ва олдинроқ 108 минг АҚШ доллари олганликда гумонланиб, ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Гулистон туман бўлими бошлиғи ҳамда Бекобод шаҳар бўлими катта тезкор вакиллари фуқародан 25 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Маълум бўлишича, улар Зангиота туманида фаолият юритувчи 4 та МЧЖнинг норасмий раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан қўзғатилиб, ҳозирда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида кўрилаётган жиноят ишини уларнинг фойдасига ижобий ҳал қилишни ҳамда Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси томонидан 2 та МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текширувларини ноқонуний деб топиб беришни ваъда қилишган.

Текширув давомида аниқланишича, ИЖҚКД ходимлари жиноят иши доирасида солиқ текшируви ўтказиш орқали аниқланган зарар миқдорини камайтириш эвазига МЧЖларнинг норасмий раҳбаридан муқаддам 108 минг АҚШ доллари ҳам олишган, — дейилади хабарда.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

AI News