Колумбиядa 6,5 магнитудали зилзила содир бўлди
8 июнь куни Колумбия пойтахти Боготада 6,5 магнитудали зилзила рўй берди. Бу ҳақда Euronews нашри хабар берди.
Хабарда келтирилишича, зилзила маҳаллий вақт билан соат 08:08 да, Боготадан тахминан 186 км жануби-шарқда жойлашган Паратебуэно шаҳридан 17 км шимоли-шарқда, 10 км чуқурликда қайд этилган. Ер силкиниши мамлакатнинг катта қисмида сезилди. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Колумбия Геология хизмати ушбу ҳудудда зилзиладан сўнг магнитудаси 4–4,6 оралиғидаги бир нечта ер силкинишлари ҳам кузатилганини маълум қилди. Табиий офатлар хавфини бошқариш миллий бўлими эса бир нечта ҳудудларда ҳолатни ўрганмоқда.
Колумбия Тинч океанидаги «Оловли ҳалқа»да жойлашган бўлиб, у ерда тез-тез зилзила ва вулқон фаоллиги кузатилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ Туркиянинг жануби-ғарбий соҳилларида ҳам 5,8 магнитудали зилзила содир бўлган, натижада 1 киши вафот этиб, 69 киши тан жароҳати олгани ҳақда хабар бергандик.