Кам таъминланган оилаларга газ ва электрга компенсация олиш учун аризалар қабули бошланди

Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга газ ва электр энергияси учун йил давомида компенсация олиш бўйича аризалар қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Ариза топшириш 1 июндан бошланди. Компенсация қуйидаги тоифаларга мансуб оилаларга берилади:

• ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестирига киритилган оилалар (оила аъзоларига тўғри келадиган ойлик даромад 669 минг сўмдан кам бўлиши лозим);

• pеестрларда бўлмаган, аммо мол-мулки кам ва ҳар бир аъзога тўғри келадиган ойлик даромади 1 миллион сўмдан кам бўлган оилалар.

Аризаларни «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, маҳалладаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш, ёки 1140 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали топшириш мумкин.

2025 йил учун умумий 1 триллион 330 миллиард сўм миқдорида компенсация ажратилиши белгиланган. Таққослаш учун, 2024–2025 йилги иситиш мавсумида бу рақам 313,6 млрд сўмни ташкил этган.

Агар оила 1 ойда 350 кВт электр энергияси ишлатса, 200 кВтгача бўлган қисми учун 600 сўмдан тўлайди, қолган 150 кВт (200–350 оралиғи) учун давлат харажатни қоплайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йил март ҳолатига Ўзбекистонда 746 мингдан ортиқ кам таъминланган оила мавжуд.

Шунингдек, 2025/2026-йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилиши ҳам режалаштирилган. Бу ёрдам ноябрь ойида «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида тарқатилади.

Жамият