Андижонда наркотик моддаларни сотиш билан шуғулланган шахслар ушланди
Қирғизистон давлат чегараси орқали 2 кг яқин наркотик моддаларни олиб кириб, уларни сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, қирғизистонлик наркосавдогардан 2 кг «гашиш» моддасини 15.000 АҚШ долларига сотиб олишга келишишади. Ушбу мақсадда 1950 АҚШ долларини бошланғич бадал сифатида унга етказиб беришади.
Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси гиёҳвандлик воситасини ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Хонобод шаҳридаги хуфия жойда қолдиради.
Қўрғонтепалик шахслардан бири эса ушбу наркотикни олиб, ўзининг автомашинасида Хонобод-Қўрғонтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинади.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳнинг қолган 5 нафар аъзоси ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 1 кг 954 гр.ни ташкил қилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.