Наманганда яширинча ноқонуний диний сабоқ берганлар фош этилди
Наманган вилоятида моддий манфаатдорлик эвазига ноқонуний диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати ҳабар берди.
Тезкор тадбирлар давомида яширин ҳужралар ташкил этиб, диний таълим бериш йўли билан ноқонуний даромад олаётганлар ушланди. Жумладан, Наманган шаҳрининг Балиқчи кўчасида истиқомат қилувчи, фуқаро кўп қаватли уйларнинг бирида 15 нафар шахсга диний сабоқ бергани маълум бўлган.
Шунингдек, Маърифат маҳалласида яшовчи яна бир аёл, ўз хонадонида 14 нафар вояга етмаган болаларга диний ўқиш ташкил этгани ва уларнинг ҳар биридан ойига 1,5 миллион сўмдан пул олиб келгани аниқланган.
Бундан ташқари, Янги Наманган туманида шахс яширин ҳужрада 10 нафар вояга етмаган қизларга ва 3 нафар фуқарога диний таълим бериб келган.
Айни шу каби ҳолат Уйчи туманининг Машад маҳалласида ҳам кузатилиб, унда 48 ёшли фуқаро ўз уйида вояга етмаган болаларни тўплаб, моддий манфаат эвазига диний сабоқ бериш билан шуғулланган. Бундай қонунбузарликлар Тўрақўрғон ва Наманган туманларида 2 нафар шахс томонидан ҳам содир этилган.
Натижада ушбу қонунбузарликни содир этган ҳамда болаларни тарбиялаш мажбуриятларини бажармаган ота-оналарга нисбатан керакли чоралар кўрилгани хабар қилинди.