Жанубий Корея президенти сўроққа келмагани учун қамалиши мумкин
Импичмент натижасида ваколатлари тўхтатилган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл коррупцияга қарши тергов бошқармасига исён иши бўйича сўроққа келмади. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.
Сўроқ Сеулдаги бошқарма офисида 18 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланиши керак бўлган. Бунгача чақирув қоғозларини президент вакиллари ва почта орқали юбориш натижа бермаган. Давлат раҳбари котибиятида ва хавфсизлик хизматида тегишли ваколатлар йўқлиги сабабли улар чақирув қоғозини қабул қилмаган.
Коррупцияга қарши тергов бошқармаси бошлиғи О Дон Ун чақирув қоғозлари атайлаб қабул қилинмагани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қонуний чоралар кўришини айтди. Жумладан, ҳозирда президентни ҳибсга олиш учун ордер талаб қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Илгари Юн Сок Ёл параллель тергов олиб бораётган прокуратуранинг сўроғига келмаганди. Идора 21 декабрга мўлжалланган иккинчи чақирув қоғозини расмийлаштирган.
Аввалроқ, унга импечмент эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.