Жанубий Кореяда ҳарбий патруль самолёти қулаб тушди

Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучларига қарашли патруль самолёти пайшанба куни машғулот парвози чоғида қулаб тушди. Бу ҳақда манбаларга таяниб ABC хабар берди.

Ҳарбий денгиз кучлари маълум қилишича, самолёт бортида бўлган тўрт нафар экипаж аъзосининг тақдири ҳозирча номаълум.

Расмий баёнотга кўра, P-3C русумли патруль самолёти соат 13:43да мамлакат жануби-шарқидаги Поханг шаҳридаги ҳарбий базадан ҳавога кўтарилган, бироқ номаълум сабабларга кўра қулаб тушган.

Похангдаги фавқулодда ҳолатлар бўйича хизмат ходимлари маҳаллий аҳолидан номаълум самолёт тепаликдаги кўп қаватли уйларга яқин жойга қулаб тушиб, ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар олгач, воқеа жойига қутқарувчилар ва ўт ўчириш машиналарини юборган.

Шунингдек баёнотда ҳарбий-денгиз кучлари самолётдаги тўрт кишининг ҳолатини аниқлаш ва ҳалокат сабабини ўрганиш устида ишлаётганлиги ва маҳаллий аҳоли орасида талафотлар йўқлиги айтилган.

Похангдаги Намбу полиция бўлими самолёт ҳалокати ҳарбий патруль самолётига тегишли бўлганини тасдиқлади, бироқ ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар бор-йўқлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ёнғин кўлами ва етказилган зарар даражаси ҳозирча номаълум.

 

Жаҳон