Эндиликда вазир ёки ҳокимликка номзодлар коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, улар томонидан бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтиришдан иборат эканлиги билдирилди.

Лойиҳасига мувофиқ, ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури билан бир қаторда, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режасини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасида номзоди кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда ўз фаолият дастури билан бирга тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ҳам тақдим этиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши раҳбар лавозимларга тавсия этилаётган шахсларнинг давлат хизматини очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида амалга оширишга бўлган масъулиятини янада оширишга хизмат қилади, — деб таъкидланди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

AI News