Тошкентда банк бўлими бошлиғи $120 минг миқдорида кредит расмийлаштириб, қиморга тикиб юборди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги банк филиалларидан бирида бўлим бошлиғи кредит маблағларини талон-тарож қилганликда гумонланмоқда, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Хусусан, Яшнобод тумани бўлими томонидан тижорат банкининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, ушбу туман банк филиалида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи Э.Н. «A» МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, «B.B.» МЧЖга 120 000 АҚШ доллари кредит ажратилишига эришади.

Шундан сўнг, улар сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали кредит маблағини нақдлаштириб олиб, 120 000 АҚШ долларини интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ишлатиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент