«Афросиёб» поезди локомотивида ёнғин юз берди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ёнғин «Афросиёб» поездида эмас, унга хизмат кўрсатувчи манёвр локомотивида содир бўлган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» маълум қилди.
Қайд қилинишича, «Тошкент Йўловчи» станциясида манёвр ишлари олиб борилаётган вақтда 2711-сонли ТЕМ2 тепловозининг чиқинди коллекторида йиғилган мой қолдиқлари учқунланиб ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса вақтида поездда йўловчилар бўлмаган.
Мутахассислар воқеа жойига тезда етиб бориб, ёнғинни бартараф этишган. Локомотивга етказилган зарар жиддий эмас, у иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Хабарга кўра, «Афросиёб» тезюрар поездининг барча рейслари ўз вақтида амалга оширилади, жадвалда ўзгариш йўқ.