Ўзбекистонда гўшт, ёғ, авиачипталар ва мобил алоқа нархлари ошди
2025 йил апрель ойида Ўзбекистонда инфляция 0,7% ни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Бу сўнгги 5 йилдаги энг паст апрель кўрсаткичи ҳисобланади. Ўтган йилнинг шу даврида инфляция 0,93% бўлган эди. Йиллик инфляция эса 10,1% гача секинлашди.
Ҳисоботга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8%, ноозиқ-овқатлар 0,4%, пуллик хизматлар нархлари 1% га ошди. Айниқса ёғ-мой маҳсулотлари (айниқса ўсимлик мойи), гўшт (мол, қўй гўшти ва қийма), мевалар ва ёнғоқлар нархида сезиларли ўсиш кузатилди. Гуруч ва баъзи сабзавотлар нархи эса пасайди.
Уй-жой хизматлари, хусусан, совуқ ва иссиқ сув, чиқинди олиб чиқиш, иситиш хизматлари бир қатор вилоятларда қимматлашди. Умумий ойлик инфляция 2,2% ни ташкил этди.
Транспорт харажатлари ҳам ошди: авиачипталар ўртача 5,1%, автомобиль ва темирйўл транспорти 1,3% га кўтарилди. Метан гази нархи ошган бўлса-да, бензин ва пропан арзонлашди.
Соғлиқни сақлаш хизматлари (амбулатор, стационар ва диагностика) нархи 1,7%–3% оралиғида кўтарилди.
Гарчи йил бошидан бошлаб уларга қўлланиладиган акциз солиғи бекор қилинган бўлса ҳам мобил алоқа нархлари яна 2,5% га ошди.
Энг юқори йиллик инфляция Тошкент шаҳри (11%), Бухоро (10,6%) ва Қашқадарё (10,5%) вилоятларида қайд этилди.
Ойлик инфляция эса Наманган ва Фарғонада 0,9% ни ташкил этди.