Мактаб ва боғча раҳбарлари маоши оширилади
Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда мактаб директорларининг, уларнинг ўринбосарлари ҳамда боғча мудираларининг иш ҳақи 7–10 млн сўмдан ошади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари таълим сифатини оширишда педагогларнинг моддий рағбатлантирилишини муҳим омил эканлигини айтиб ўтди.
Қайд қилинишича, сўнгги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълимига ажратилган маблағ 7 бараварга оширилган. 2025 йил учун ушбу соҳага 60 трлн сўм йўналтирилмоқда.
Шунингдек, бу йилларда:
• мактабларда 1 млн, боғчаларда 1,5 млн янги ўрин яратилган;
• мактабгача таълим қамрови 3 баробар ортиб, 78% га етган;
• 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 8–12 млн сўм миқдорида маош олмоқда;
• боғча тарбиячилари ойлиги 65% га ошиб, мактаб ўқитувчилари даражасига тенглашган.
Президент «соғлом ва билимли авлод» мамлакат тараққиётининг асосий кафолати эканини, бу борада барча зарурий шарт-шароитлар яратиш муҳим эканлигини таъкидлади.